20:06 Антон Чехов. Тарбияли одамнинг саккиз фазилати | |
Антон Чехов жаҳон адабиётида нуфузли ўринга эга. Унинг қандай ёзувчилигини асарлари айтиб турибди. Буюк адиб шахс сифатида ҳам ўрнак бўларли фазилатларга эга эди. * * * Истеъдодлари бўлса, уни ҳурматлайдилар. Уни деб ҳузур-ҳаловат, айш-ишрат, ичкилик ва маишатлардан воз кечадилар. * * * Кундузи ҳам, кечқурун ҳам тўхтовсиз ишлаш, тинмай ўқиш, синчиклаб ўрганиш, иродали бўлиш керак. Ҳар бир соат олтинга тенг… Якиманкага бориш ва қайтиб келиш фойда бермайди. Барига қатъият билан тупуриш ва қўл силташ зарур… Бизникига кел, ароқ шишангни синдирда, ётволиб ўқи. Ҳеч қурса Тургеневни, ахир уни ўқимагансанку… * * * Тарбияли одамлар, фикримча, қуйидаги талабларга жавоб бериши керак: Улар инсонни ҳурмат қилади, шу сабабли ҳамиша илтифотли, мулойим, хушмуомала, муросали… бўлади. Улар болғача ёки йўқолган ўчирғич сабабли жанжал кўтармайди; биров билан яшаб, кейин буни таъна қилмайди, кетаётиб: «Сиз билан яшаб бўлмайди!» демайди. Улар шовқин, совуқ, кўп қовуриб юборилган гўшт, овқатнинг тузи ўткирлиги ёки уйида меҳмонлар борлиги туфайли ғазабга минмайди… Улар фақатгина камбағаллар ёки қаровсиз мушукларга ачинмайди. Улар оддий кўз билан кўриб бўлмайдиган нарсалар учун ҳам қайғуради… Улар ўзларини маданий тарбиялаб боради. Кийимини алиштирмай ухламайди, уйларини тахтаканага тўлдирмайди, ёқимсиз ҳаводан нафас олмайди, исқирт полда юрмайди, керасинкадан овқатланмайди… Улар майда-чуйда нарсаларга берилмайди. Машҳурлар билан танишиш, салонда дуч келган одамни ҳайратлантириш, қовоқхоналарда донг таратиш билан машғул бўлмайдилар. Уларнинг юраги тоза, ёлғон гапиришдан қаттиқ қўрқадилар. Ҳазиллашиб ҳам ёлғон гапиришмайди. Ёлғон тингловчига ҳақорат бўлиб тушади ва унинг назарида сўзловчини қадрсизлантиради. Улар ўзини кўз-кўз қилмайди, кўчада ҳам ўзини яхши тутади, биродарларининг кўзига кул сочмайди. Улар вайсақи бўлмайди, сўралмаган пайтда ҳамма нарсани очиқ-ойдин гапиравермайди… Бегона қулоқлар ҳурмати учун кўпинча сукут сақлайдилар. Улар бировнинг мулкини ҳурмат қилади, шу боис қарзларини қайтаради. Бошқаларнинг раҳмини келтириш ёки ёрдам олиш учун ўзларини ерга урмайдилар. Ўзининг кўнгилхушлиги учун бировларнинг туйғуларини ўйин қилмайдилар. Ҳеч қачон «Мени тушунишмаяпти!» демайдилар. Ва ҳоказо. Хуллас, тарбияланганлар шундай бўлади… Тарбияланиш ва ўзинг кирган муҳит даражасидан тубанда қолиб кетмаслик учун фақатгина Пиквикни ўқиш ва «Фауст»дан парча ёдлаб олиш кифоя қилмайди. Ёки извошга ўтириб Якиманкага йўл олиш, бир ҳафтадан сўнг у ердан ҳам бартараф бўлиш етарли эмас…» Москва, 1886. Рус тилидан Ориф Толиб таржимаси. «Ёшлик» журнали, 2019 йил, 6-сон | |
|
|
|
| Всего комментариев: 0 | |